АрХЎ-2019: Ўзбекистон жамоаси "Ҳарбий разведка аълочилари" танловида биринчи бўлиб иштирок этади

Дата: 10:39, 08-08-2019.

Тошкент. 8 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон жамоаси Армия халқаро ўйинлари – 2019 (АрХЎ-2019) "Ҳарбий разведка аълочилари" танловида биринчи бўлиб иштирок этади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"5 август куни Тара чўлларида жойлашган Жайсалмир ҳинд полигонида "Ҳарбий разведка аълочилари" танловининг 1-босқичи учун қуръа ташланди. Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси беллашувни бошлаб беради ва биринчи бўлиб иштирок этади", - дейилади Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, Ҳиндистон мудофаа вазири ўринбосари Д.Ахужа ва Россия мудофаа вазири ўринбосари Ю.Евкуров иштирок этган ҳарбий разведка ходимлари ўртасида танловнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон вакиллари томонидан ташкил этилган "Дўстлик уйи"маданият миллий кўргазмаси тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Таъкидланганидек, 6 август куни Ўзбекистон армиясининг ҳарбий разведкаси ходимлари танловнинг 1-босқичига мувофиқ тунда ўз вазифасини бажаришди. Шунингдек, улар шартли душман томонига ўтишни амалга оширди.

"Армиячилар танловнинг 1-босқичи талабларини бажариши ва вертолётнинг қўнишини амалга ошириши керак. Шундан сўнг, вертолёт разведка гуруҳи жангчиларини маълум бир ҳудудда жойлашган шартли душман томонга олиб боради", - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳарбий разведкаси жамоаси билан биргаликда Арманистон, Беларус, Ҳиндистон, Хитой, Қозоғистон ва Россия терма жамоалари халқаро танловда иштирок этадилар.

Сурат манбаи: mudofaa.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: