Қаршида Абдулла Орипов номидаги мактаб-интернат очилади
Тошкент. 31 май. ЎзТАГ – Қаршида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат очилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ҳукумат қарорига асосланган ҳолда.
2017-2018 ўқув йилида мактаб-интернатнинг 5-8 синфларига 30 нафардан ўқувчилар қабул қилинади. 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб эса 5 синфга 30тадан ўқувчи қабул қилинади. Халқ таълими вазирлигига мактаб-интернатнинг моддий-техника базаси, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.
“Шаҳар ҳокимияти тегишли давлат органлари билан бирга 50 ўринли ётоқхона ва ошхона биноларини қуриш, шунингдек, мактаб-интернатни ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникалари, ўқув-методик мажмуалар, методик қўлланмалар ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш бўйича топшириқлар берилди”, - дейилади хужжатда.
Халқ таълими вазирлиги Давлат тест маркази билан биргаликда 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб мактаб-интернатга иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш мақсадида она тили ва чет тили фанларидан тест синови ҳамда психологик-педагогик диагностика ўтказади.
Эслатиб ўтамизки, Абдулла Орипов ўзбек шеъриятининг классигидир. Шунингдек, шоир Ўзбекистон Давлат мадҳиясининг ҳам муаллифи.