Қаршида ҳарбий юк машинаси билан бўлган тўқнашувда уч киши ҳалок бўлди ва бир киши жабрланди

Дата: 09:38, 27-11-2018.

Тошкент. 27 ноябр. ЎзТАГ – Қашқадарё вилоятининг Қаршида ҳарбий юк машинаси билан бўлган йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) натижасида уч киши ҳалок бўлди ва бир киши жабрланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, ЙТҲ 26 ноябр куни тахминан соат 8.05 ларда Шаҳрисабз-Қарши автомобиль йўлида рўй берди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар тайёргарлигини фавқулодда комплекс текширувдан ўтказиш режасига мувофиқ, ҳарбий автомобиллар колоннаси ўқув-машғулотлар ўтказиш ҳудуди томон йўл олаётган эди. Юқорида қайд этилган йўл чорраҳасидаги ҳаракат ҳарбий автомобиль инспекцияси ходимлари томонидан тартибга солинаётган эди.

“Инспекторлар ҳаракатни таъқиқлашга ишора қилганига қарамай, Lacetti русумли автомобиль (давлат рақами “70 U 110 MA”) ҳаракатланишда давом этди. Натижада у “ЗИЛ-131” русумли ҳарбий юк машинаси билан тўқнашиб кетди. Уч киши – енгил автомобиль ҳайдовчиси ва икки йўловчи ҳалок бўлди,“Ласетти“нинг яна бир йўловчиси жароҳат олди”, - дейилади хабарда.

Яна маълум қилинишича, жабрланган фуқарога ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатилди, ҳозирда унинг ҳолати барқарор ва ҳаётига ҳеч нарса хавф солмаяпти.

Сурат манбаи: https://repost.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: