Қаршининг “Насаф”и Осиё чемпионлар лигаси плей-оффига чиқди
Тошкент. 1 феврал. ЎзТАГ – Қаршининг “Насаф” жамоаси Осиё чемпионлар лигасининг малака босқичи доирасида Баҳрайннинг “Ал-Ҳидд” клубини йирик ҳисобда мағлуб этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистонликлар майдонда бирданига устунликка эришдилар, тўпни назоратга олиб, рақиб дарвозасига хужум уюштирдилар.
“Жамоа ҳисобни 16-дақиқада Акмал Шораҳмедов узатган тўпни Шаҳбоз Эркинов боши билан дарвозага киритганидан сўнг очди. Орадан 10 дақиқа ўтиб қаршиликлар яна гол киритдилар. Бу сафар унга Игорь Голбан муаллифлик қилди”, - деб таъкидлашди “Насаф” ФК матбуот хизматида.
Иккинчи таймда қаршилик футболчилар яна икки гол урдилар. Голларга Дониёр Нарзуллаев ва Драган Черанлар муаллифлик қилдилар. Якуний ҳисоб эса 4:0 бўлди.
Энди ўзбекистонликлар Осиё чемпионлар лигасининг плей-оффида Саудия Арабистонининг “Ал-Фатеҳ” клубига қарши меҳмонда ўйнайдилар.