Artel ўзбек ишлаб чиқарувчиси Божхона иттифоқи мамлакатларига маиший техника экспорт қилишни бошлайди
Тошкент. 24 ноябр. ЎзТАГ – Artel ўзбек маиший техника ишлаб чиқарувчиси Божхона иттифоқининг Eurasian Conformity мувофиқлик сертификатини олди. Хужжат компания маҳсулотларини иттифоқ ҳудудида бошқа рухсатномаларсиз сотишга имкон беради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Компания маҳсулотлари орасида замонавий талабларга жавоб берувчи турли маиший техникалар бор. Биринчи бўлиб кондиционерларни Россия, Қозоғистон, Беларусь, Қирғизистон ва Арманистонга экспорт қилиш режалаштирилмоқда. Буиннг учун маҳсулот ишлаб чиқариш 25% кўпайтирилади”, - деб хабар беришди компанияда.
Компания барча техникаларга сертификат олишни режалаштирмоқда. Яқин орада кондиционерлар сафига газ плиталар, кир ювиш машиналари, музлатгич ва телевизорлар қўшилади. Ҳозирда Artel заводларида ISO 9001 ва ISO 14001 халқаро сифат стандартларини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамизки, Artel ширкати маиший техника ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, Ўзбекистонда анча таниқлидир.