“Асака” банки инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга 1,66 трлн сўмдан зиёд маблағ йўналтиради

Дата: 16:18, 13-04-2017.

Тошкент. 13 апрел. ЎзТАГ – Жорий йилда “Асака” акционерлик-тижорат банки инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга 1,66 трлн сўм миқдорида кредит ажратишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Жорий йилнинг январ-февралида банк саноат турли тармоқларини ривожлантиришга 400 млрд сўм атрофида йўналтирди.

“Инвестициялар юқори технологияларни талаб этадиган замонавий ишлаб чиқариш тармоқларини ташкил этиш, ахборот-коммуникация тизими, биотехнология ва бошқа илғор илм-фан ютуқларига асосланган лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилмоқда. Жумладан, “Навоийазот” акциядорлик жамиятида аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш комплексини ҳамда ПВХ, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш базасини ташкил этиш учун, автомобилларга эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун ва бошқа бир қатор инвестиция лойиҳалари молиялаштирилди”, - деб таъкидлашди банк матбуот хизматида.

Айни пайтда, банк инвестиция лойиҳаларини ҳам ўз маблағлари ва жалб этилган кредит линиялари ҳисобидан молиялаштирмоқда. Хусусан, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан мева-сабзавотчиликни ривожлантириш йўналишидаги 11 та инвестиция лойиҳасига қарийб $6 млн йўналтирилди. Хитой экспорт-импорт банки кредит линияси маблағлари ҳисобидан $3,1 млн миқдоридаги лойиҳалар молиялаштирилди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: