“Асака” банки қўшимча интерактив хизматларга урғу бермоқда

Дата: 17:54, 22-06-2016.

Тошкент. 22 июн. ЎзТАГ – “Асака” ўзбек банки 24 онлайн хизмат кўрсатмоқда, улардан 9таси асос хизматлар бўлиб, қолганлари қўшимча интерактив хизматлардир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар банк томонидан яқинда банк ишида IT-технологияларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида келтирилди.

Таъкидланишича, ҳар бир банк мижози банкнинг веб-сайти орқали тақдим этилаётган интерактив хизматлардан ҳеч қандай чекловларсиз ва бепул фойдаланиш имкониятига эга.

Мисол учун, мижоз банк тўғрисида, кўрсатилаётган хизматлар тўғрисида деярли барча маълумотларни олиши ва шу хизматлардан фойдаланиши мумкин. Хусусан, мижоз пластик карточка очиш учун “онлайн” режимида ариза жўнатиш, кредитни расмийлаштириш учун ариза жўнатиш, банк раҳбариятига ўзини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиши мумкин.

Шунингдек, банк омонатлари ҳақида, карточкалар, терминаллар, банкоматлардан фойдаланиш, пул ўтказмалари, тўловлар ва коммунал хизматлар бўйича онлайн режимда маълумотлар олиш мумкин.

Энг оммавий онлайн хизматлар орасида “Банк-Мижоз” масофадан хизмат кўрсатиш тизими ҳам бўлиб, бугунга келиб мазкур хизмат туридан фойдаланувчилар сони қарийб 3 минг нафарга етди.

“СМС банкинг” хизматидан фойдаланувчилар сони эса 105 855 нафардан ошди, бу хизмат тури ҳам мижозлар ўртасида катта муваффақият қозонмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: