“Асака” банки ва “Банк Эсхата” ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоладилар

Дата: 07:56, 14-03-2018.

Тошкент. 14 март. ЎзТАГ – “Асака” акциядорлик тижорат банки (Ўзбекистон) ва “Эсхата банк” очиқ акциядорлик жамияти (Тожикистон) ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Асака” банки матбуот хизматининг хабарига кўра, мазкур Битимнинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида имзоланган молиявий ҳамкорлик тўғрисидаги Битим шартларини амалга оширишдан иборатдир. Мазкур ҳужжат 2018 йил 9 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи доирасида имзоланди.

Банклар ўртасида имзоланган Битим Ўзбекистондан Тожикистонга товарлар ва хизматларни экспорти билан боғлиқ келишувларни молиялаштиришни кўзда тутади. Ажратиладиган кредит лимити доирасида Ўзбекистон Республикасининг саноати соҳаси турли тармоқларининг товар ва хизматлари экспорти ҳажмини кўпайтиришга қаратилган савдо битимларини молиялаштириш режалаштирилган.

Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳисоб-китобларни ривожлантириш мақсадида 2017 йилда банклар ўртасида тўғридан-тўғри вакиллик муносабатларини ўрнатиш орқали бошланган самарали ҳамкорлигининг давоми ҳисобланади.

Сурат манбаи: https://scientificrussia.ru/articles/rukopozhatie

Янгилик билан ўртоқлашиш: