“Асака” ўзбек банки инвестлойиҳаларни молиялаштириш учун аризалар қабул қилишни бошлади
Тошкент. 30 май. ЎзТАГ – “Асака” ўзбек банки тадбиркорлик субъектларидан хорижий кредит линиялари иштирокида инвестлойиҳаларни молиялаштириш учун аризалар қабул қилишни бошлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Банк сайтида айтилишича, инвестлойиҳаларни молиялаштиришда кореянинг “Export Import Bank of Korea”, германсиянинг Сommerzbank AG” ва “Landesbank AG” банклари кредит линиялари очиш орқали иштирок этади.
Айни пайтда талабларда “Export Import Bank of Korea” маблағлари корея капитали ишлатилган лойиҳаларни молиялаштириш ёки корея капитали иштирокидаги компаниялар билан ҳамкорлик қилаётган лойиҳаларга берилиши таъкидланади.
“Commerzbank AG” ва “Landesbank AG” кредит линиялари бундай чекловларга эга эмас ва Ўзбекистон резидентлари бўлган кичик, қўшма корхоналар, акционерлик жамиятлари учун очиқ. Улар импорт ускуна ва технологияларни сотиб олиш, шунингдек, айланма капитални шакллантириш учун харажатларни қоплашга ишлатилиши мумкин.
Кредит линияларининг сон кўрсаткичлари банк сайтида очиқланмаган.