“Асака” ўзбек банки қиймати 17,39 млрд сўмлик 3 корхонани сотмоқда
Тошкент. 17 июн. ЎзТАГ – “Асака” акционерлик-тижорат банки аукцион савдолари орқали бошланғич қиймати 17,39 млрд сўмлик 3 корхонани сотишини эълон қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Биржа” газетасининг маълумотларига кўра, 2 объект Тошкентда жойлашган бўлиб, булар қиймати 1,89 млрд сўмлик йодладнган ош тузи ишлаб чиқариш бўйича технологик ускуналар комплекси ва банкнинг “Осиё Асака Модель” МЧЖ низом жамғармасидаги қиймати 3,016 млрд сўмлик 100% улушидир.
Яна бир объект – Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган бўлиб, қиймати 12,485 млрд сўмлик кўчмас мулкдир (11,32 га ер участкаси, 3 га қурилиш майдони бўлган трикотаж матоларини тўқиш, бўяш ва тикув буюмлари ишлаб чиқариш бўйича технологик ускуналар комплекси).
Савдо шартларига кўра, унда қатнашишни истаган салоҳиятли инвесторлар кўрсатилган мулклар бошланғич қийматининг 15% миқдорида гаров пули киритган ҳолда иштирок учун ариза беришлари зарур.
Шунингдек, “Асака” банки тўловни амалга оширишни 7 йил муддатга чўзиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда.
$1 = 2546,22 сўм