Асакадаги GM Uzbekistan заводида режали профилактика бошланди

Дата: 19:11, 08-08-2016.

Тошкент. 8 август. ЎзТАГ – 8-августдан Асакадаги GM Uzbekistan қўшма корхонасининг заводида режага мувофиқ йиллик профилактика ишлари бошланди, деб хабар беради компания матбуот хизмати.
“Ушбу тадбирлар доирасида асосий ва ёрдамчи технологик жиҳозлар, коммунал хўжалик, муҳандис-коммуникацион тармоқларнинг профилактик текшируви ҳамда техник хизмати ўтказилади. Шунингдек, корхонани куз-қиш мавсумига тайёрлаш доирасида режавий таъмирлаш ишлари олиб борилади”, - дейилади Facebookда эълон қилинган хабарда.
Компаниянинг маълум қилишича, GM Uzbekistan тайёр маҳсулотни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда етказиб бериш бўйича барча шартнома мажбуриятларини бажаради.
“Режавий профилактик ишларнинг ўтказилиши ички ва ташқи бозорлардаги дистрибьюторлик ва дилерлик ташкилотларига автомобилларни етказиб бериш графигига таъсир қилмайди. Автомобилларни етказиб бериш режа асосида давом этади, шунингдек, R2 ва Nexia R3 автомобилларининг келишилган муддат ва ҳажмда етказиб берилиши таъминланади”, – деб таъкидланади хабарда.
Шунингдек, компания “Асакадаги заводда ишлаб чиқаришнинг тўхталишига ҳар йилги профилактик ишлардан бошқаси сабаб эмас”лигини таъкидлаб ўтди.
GM Uzbekistan компаниясининг Хоразм вилоятидаги “Хоразм Авто” заводи режага асосан ишни давом эттиради. Завод 2013 йили ишга тушгани сабабли бу ерда профилактик ишларга ҳозирча эҳтиёж сезилмаяпти.

Янгилик билан ўртоқлашиш: