Қашқадарё вилоятида меҳмонхоналар сонини деярли 2 бараварга кўпайтириш режалаштирилмоқда
Тошкент. 18 июн. ЎзТАГ – 2015 йил охирига қадар Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятидаги меҳмонхоналар сонини деярли 2 бараварга кўпайтириш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) “Ўзбектуризм” МК сайтида жойлаштирилган маълумотга асосланган ҳолда.
Бу 2013-2015 йилларда Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастурида кўзда тутилган.
Маълумотга кўра, дастурни амалга ошириш доирасида $101 млндан ошиқ инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилмоқда. Уларнинг асосий қисми туристик инфраструктура объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларига йўналтирилади. Натижада вилоятда йил охирига бориб замонавий мехмонхоналар сони 66тага (2012 йилдагидан 1,8 баравар кўп), улардаги ўринлар сони деярли икки бараварга ўсиб, 2,639тага етади. Шунингдек, ички сайёҳлар сони 1,4 бараварга, хорижий сайёҳлар сони 1,3 бараварга ўсиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, хизматлар ҳажмини 1,5 бараварга, хизматлар экспортини 1,4 бараварга кўпайтириш кўзда тутилмоқда.
Эслатиб ўтамизки, Қашқадарё вилояти ҳудудида 1,16 мингдан ошиқ маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилигини археологик ёдгорликлар ташкил қилади.