Қашқадарё вилоятининг қишлоқларида меҳмон уйлари, кемпинг ва ўтовлар қуриш режалаштирилмоқда

Дата: 11:35, 12-03-2019.

Тошкент. 12 март. ЎзТАГ – Қашқадарё вилояти қишлоқларида сайёҳликни ривожлантириш учун меҳмон уйлари, кемпинг ва ўтовлар қуриш режалаштирилмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, 8 март куни қабул қилинган “Қашқадарё вилоятининг сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори минтақада янги сайёҳлик йўналишларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлаган.

“Ғилон ва Кул қишлоқларида туризмнинг этнотуристик йўналиши белгиланади, ҳар бир қишлоқда 5 тадан меҳмон уйлари қурилади. Татар, Зармаст ва Вари қишлоқларидаги экстремал туризм йўналиши очилади, ҳар бир қишлоқда 5 та меҳмон уйлари, 5 та кемпинг ва 10 та ўтов қурилади. Амир Темур жангчиларининг ҳарбий тайёргарлик лагерларини барпо этадиган этноқишлоққа асос солинади”, - дейилади хабарда.

Таъкидланганидек, Варганза ва Ҳазрати Башир қишлоқларида агротуристик фаолият ташкил этилади. Ушбу йўналиш доирасида “Анор” фестивали ўтказилади.

Сарчашма ва Сувтушар қишлоғларида экологик туризм йўлга қўйилади, шунингдек, Китоб ҳудуди кенгликларида астрономик туризм ташкил этилади.

Бундан ташқари, “Фестивал шаҳарлари” бренди остида MICE-туризми йўналиши очилади. Ушбу йўналиш доирасида А. Темур мероси ва санъатига бағишланган илмий-амалий анжуманлар ва семинарлар ўтказилади.

Сурат манбаи: booking.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: