Қашқадарёда 5 корхона қайта тикланди ва 100 қўшимча иш жойи яратилди

Дата: 13:29, 15-12-2017.

Тошкент. 15 декабр. ЎзТАГ – Қашқадарёда 4 млрд сўм миқдоридаги сармоялар ёрдамида 5 корхона қайта тикланди ва 100 қўшимча иш жойи яратилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, Косон туманидаги “Бунёдкор текстил”, “Косон тоғ қурилиш” корхонаси, Шаҳрисабз туманидаги “Шаҳрисабз-35”, Яккабоғ туманидаги “Яккабоғ шароб консерва” корхонасининг фойдаланилмасдан турган бино-иншоотлари негизида замонавий хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш объектлари ишга тушди.

Олдинроқ Қашқадарё вилоятида ўтказилган хатлов натижасида 278 та аввал хусусийлаштирилган ва бугунги кунда бўш турган объектлар аниқланган эди. Улар қаторида Китоб туманидаги собиқ “Ип йигирув”, Косон туманидаги “Консерва заводи”, Қамаши туманидаги “Паррандачилик фабрикаси” ва Қарши шаҳридаги “КОРМЗ”, “Пиво заводи”, “Муборак тайёрлов садо” Муборак туманидаги, Шаҳрисабз шаҳридаги “Кумуш” АЖ каби йирик корхоналар мавжуд.

Давлат рақобат қўмитасининг 2017 йил 11 декабрга оид маълумотларига кўра, бугунги кунга келиб, вилоятдаги 215 та бўш турган объектлар негизида инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш доирасида 151 млрд. сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиши кўзда тутилган.

Сурат манбаи: фото из открытых источников

Янгилик билан ўртоқлашиш: