Қашқадарёдаги GTL заводи ишга тушганидан кейин бензин таннархи пасаяди – Мирзиеев

Дата: 10:54, 14-12-2018.

Тошкент. 14 декабр. ЎзТАГ – Қашқадарёнинг Шўртанидаги GTL (Gas-to-Liquid – газни суюқ ҳолатга) заводи ишга тушганидан кейин мамлакатда бензин таннархи пасаяди, деди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Биз ҳар томонлама мулоҳаза қилиб, синтетик ёқилғи ишлаб чиқарадиган, $1 млрд импорт ўрнини тўлдирадиган тарихий лойиҳа қилдик. Бу Ўзбекистон иқтисодиётини барқарор қилиш учун катта салоҳиятга эга. Шу пайтгача тармоқда бундай номенклатура йўқ эди. Бу ерда ёқилғи ишлаб чиқариб, бензин таннархини туширсак, одамларимиз шуни сезади”, - деб иқтибос келтиради Ш. Мирзиёевдан давлат раҳбарининг матбуот хизмати. 

Қайд этилишича, завод дунёдаги етакчи лицензиар компаниялар – Sasol (ЖАР), Haldor Topsoe (Дания) ва Chevron (АҚШ) технологияси асосида барпо этилмоқда. Қурилиш ишлари бош пудратчи – Корея Республикасининг “Hyundai Engineering Co. Ltd.” ва “Hyundai Engineering and Construction Co., Ltd”, Сингапурнинг “Enter Engineering Pte. Ltd.” компаниялари томонидан олиб борилмоқда.

Қурувчи ва пайвандчиларнинг кўпчилиги маҳаллий ёшлардир.

Мажмуа учун зарур 11 мингдан ортиқ технологик ускуналар Япония, Жанубий Корея, Сингапур, АҚШ, Германия, Италия, Хитой, Россия каби 21 та давлатдаги 126 та заводда тайёрланмоқда. 

“Ҳозирда дунёда бундай заводлар атиги бешта, ўзимизнинг Шўртандагиси олтинчиси бўлади”, - дея таъкидланади хабарда. 

Яна маълум қилинишича, лойиҳанинг умумий қиймати $3,6 млрд. Унинг амалга оширилиши натижасида йилига 3,6 млрд куб метр газ чуқур қайта ишланиб, ЕВРО-5 стандартларига жавоб берадиган 1,5 млн тонна синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарилади. Булар 311 минг тонна авиакеросин, 743 минг тонна дизел ёнилғиси, 431 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газдир.  

“Заводнинг асосий аҳамияти мана шунда. Яъни, табиий газ шунчаки хомашё сифатида эмас, қўшимча қийматли маҳсулот сифатида сотилади”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, завод маҳсулотлари ҳозирда четдан импорт қиланаётган хомашёлар ўрнини қоплайди. Бунинг эвазига йилига нефть сотиб олишга кетадиган $1 млрддан ортиқ валюта маблағлари иқтисод қилинади. 

Завод ишга тушгач, 1300 дан ортиқ киши иш билан таъминланади.

Ш. Мирзиёев мутахассислар, техника ва ресурслардан максимал фойдаланиб, қурилиш-монтаж жараёнларини оқилона мувофиқлаштириб, заводни ишга туширишни тезлаштириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни бир кун бўлсаям эртароқ йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Заводни фойдаланишга топшириш муддатини қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан топшириқ берди.

Эслатиб ўтамиз, 13 декабрда Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев олдин берилган опшириқлар ижроси билан танишиш мақсадида Қашқадарё вилоятига жўнаб кетган эди.

Сурат манбаи: https://president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: