Ашхабодда “Марказий Осиё + Япония” шаклидаги учрашув бўлиб ўтди

Дата: 17:37, 02-05-2017.

Тошкент. 2 май. ЎзТАГ – 1 майда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Ашхобод шаҳрида “Марказий Осиё + Япония” Мулоқоти иштирокчи давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг олтинчи кенгаши ишида иштирок этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ТИВ маълумотига кўра, форум ишида Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Япония ташқи сиёсий муассасалари раҳбарлари ҳам иштирок этдилар.

Савдо ва инвестиция соҳаларида, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси ва логистика тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишдаги минтақавий ҳамкорликни жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, барқарор ривожланиш, иқлим ўзгариши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва маданий-гуманитар ҳамкорликка оид масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Олти давлат ТИВ раҳбарлари минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва халқаро майдонда ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Кенгаш якунларига кўра Қўшма баёнот ҳамда транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги “Йўл харитаси” қабул қилинди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: