Ашхободда “Made in Uzbekistan” кўргазмаси бўлиб ўтади

Дата: 15:48, 28-03-2018.

Тошкент. 28 март. ЎзТАГ – Ашхободда “Made in Uzbekistan” кўргазмаси бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазма компанияси жорий йилнинг 29 дан 31 мартгача Туркманистоннинг Ашхабод шаҳрида жойлашган Савдо-саноат палатаси биносида маҳаллий ва экспортга йўналтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг миллий саноат кўргазмасида фаол иштирок этишга таклиф этади”, - дейилади ўзбек ширкати хабарида.

Таъкидланишича, кўргазмадан кўзланган мақсад – Ўзбекистон саноат компанияларини илгари суриш ва инвестицион ютуқларини Туркманистон бозорида намойиш этиш, Туркманистон ва бошқа хорижий давлатлар ишбилармонлари билан шартнома имзолаш учун турли инвестицион лойиҳалар тақдим этиш, Туркманистон ишбилармонлар доираси ва тадбиркорларига Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси ва илмий-ишлаб чиқариш салоҳияти билан яқиндан таништиришдир.

Кўргазма экспозицияси майдони 2000 кв. метр бўлган 2 блокдан иборат бўлади. Кўргазмада 100 дан ортиқ маҳаллий корхона, компания ва фирмалар иштирок этиши кутилмоқда.

Сурат манбаи: https://varlamov.ru/1647637.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: