Асли келиб чиқиши ўзбек бўлган россиялик тадбиркор Forbes журнали томонидан йил бизнесмени деб топилди
Тошкент. 23 декабр. ЎзТАГ – Асли келиб чиқиши ўзбек бўлган россиялик тадбиркор Алишер Усмонов Forbes журнали томонидан йил бизнесмени деб топилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Forbes журналининг “Йил бизнесмени” лойиҳаси таҳририят аъзоларининг овозлари асосида аниқланади. Бунда асосий меъёр номзодлар томонидан киритилган инвестицияларнинг натижалари ҳисобланади.
Молия-иқтисод журнали версияси бўйича Усмоновнинг энг омадли қарорлари американинг Apple ва Facebook компаниялари акцияларини сотиш, шунингдек, ўз портфелида Amazonнинг хитойча муқобили бўлган Alibaba компанияси акциялари улушини ошириш бўлди (олдинроқ хитой онлайн-ретейлерига киритилган инвестициялар россиялик бизнесменга 500% даромад келтиргани ҳақида хабар қилинган эди).
Forbesга кўра, Усмоновнинг мол-мулки $18,6 млрд миқдорда баҳоланмоқда.
Илгари ЎзТАГ ноябрда келиб чиқиши ўзбекистондан бўлган А.Усмонов Forbes америка журнали версияси бўйича дунёнинг энг нуфузли кишилари рейтингида 61-ўринни олгани ҳақида хабар қилган эди. Декабрда эса у нью-йоркдаги Christie’s аукционида Нобель мукофоти лауреати биолог Жеймс Уотсоннинг медалини сотиб олиб, уни қонуний эгасига қайтарди.


