Асли Ўзбекистонлик Алишер Усмонов эндиликда фақат ҳайрия ишлари билан шуғулланади

Дата: 17:38, 16-10-2014.

Тошкент. 16 октябр. ЎзТАГ – Келиб чиқиши асли ўзбекистонлик бўлган миллиардер Алишер Усмонов “Газпром инвестхолдинг” бош директори вазифасидан муддатидан олдин кетиб, эндиликда фақат ҳайрия ишлари билан шуғулланади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Россия ОАВга асосланган ҳолда.

Россияда чиқадиган “Ведомости” газетаси маълумотларига кўра, 2012 йилда “Газпром” Алишер Усмонов билан (Forbes рейтингига кўра энг бой россиялик, бойлиги $18,6 млрдга баҳоланган) шартномани яна уч йилга – 2015 йил мартигача узайтириб, уни ушбу муддатгача “Газпром инвестхолдинг” бош директори вазифасида қолдирди”.

Аммо Усмонов шартнома ниҳоясига етишини кутмасдан ўзини вазифасидан озод қилишларини сўради, деб сўзлаб берди “Газпром” вакили. “Газпром инвестхолдинг” вакили эса ушбу маълумотни тасдиқлади. Миллиардернинг “Газпром инвестхолдинг”даги вазифасини эндиликда Евгений Шадрин бажаради. Илгари у “Газпром инвестхолдинг” бўлинмаларидан бири бўлган “Факторинг-финанс” МЧЖ раҳбари бўлган.

Эслатиб ўтамизки, 2005 йилда Усмонов “Санъат, фан ва спорт” ҳайрия жамғармасини ташкил қилган бўлиб, жамғарма хаста болаларга ёрдам бериш, музей, театр ва спорт ташкилотларини қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади. 2013 йилда жамғарма ҳайрия ишларига $92 млн сарфлаган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: