Асли ўзбекистонлик бўлган Алишер Усмонов дунёнинг энг бой кишилари рейтингида 73 ўринни эгаллади
Тошкент. 3 март. ЎзТАГ - Американинг Forbes журнали чоп этган дунё миллиардерларининг янгиланган рейтингида келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Алишер Усмонов дунёнинг энг бой кишилари рейтингида 73 ўринни эгаллади. Усмонов USM Holdingsнинг 48% ва $12,5 млрд бойликка эга, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Усмоновнинг бойлиги жорий йилда $2 млрдага камайган ва у россияликлар орасида учинчи ўринда.
Forbesга кўра, Microsoft асосчиларидан бири Билл Гейтс $79,3 млрд билан дунёнинг энг бой кишисидир. Иккинчи ўриндамексикалик телемагнат Карлос Слим ($76,4 млрд), учинчида таниқли инвестор Уоррен Баффет ($72,3 млрд) бормоқда.
Forbes маълумотига кўра, Баффет бир йилда барчадан кўп - $14,5 млрд пул топган. Топ-20ликка илк маротаба Facebook асосчиси Марк Цукерберг ҳам кирди ($33,4 млрд, 16-ўрин). 33-ўринда Alibaba Group эгаси Жек Ма ($22,7 млрд).
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистоннинг Намаган вилояти Чуст шаҳрида туғилган Алишер Усмонов ўтган йили $14,2 миллиард билан Bloomberg агентлиги версиясига кўра дунёнинг энг бой 100 кишилари рўйхатига кирган эди. 2012 йилдан бери Усмонов USM Holdings компанияси асосчи ва эгасидир. Ширкат таркибига “Металлоинвест” холдинги, “МегаФон” ва “Скартел” алоқа операторлари, Mail.Ru Group, Disney Russia, “МУЗ-ТВ” ва “Ю” телеканаллари киради.
Шунингдек, у россия миллиардерлари рўйхатини 2011-2014 йилларда ҳам бошқарган.