Асли ўзбекистонлик Наргиз Закирова “Бош саҳна” лойиҳасининг бошловчиси бўлди
Тошкент. 7 сентябр. ЎзТАГ - Асли ўзбекистонлик, биринчи каналдаги “Голос” лойиҳаси финалчиси Наргиз Закирова “Россия-1” телеканалидаги “Бош саҳна” лойиҳасининг бошловчиси бўлди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Россия ОАВ хабарларига кўра, шоуни олиш ишлари давом этмоқда. Биринчи мавсумдагига солиштирганда бошловчилар ва жюри аъзолари ўзгарди.
Григория Лепс ва Гарик Мартиросян ўрнига дастурни Наргиз Закирова ва телебошловчи Эрнест Мацкявичус эгаллади. Ҳакамлик жойини эса Валерий Леонтьев, Диана Арбенина ва Николай Носков эгаллайди. Ҳар ҳафта уларга битта янги жюри аъзоси қўшилади.
Эслатиб ўтамизки, биринчи мавсумда “Голос” лойиҳаси иштирокчилари тақдирини Юрий Антонов, Жанна Рождественская, продюсер Уолтер Афанасьев ва “Чиж & Co” гуруҳ етакчиси Сергей Чиграковлар ҳал қилган эдилар.
Шунингдек, устозлар ҳам ўзгарди. Энди улар бешта бўлиб, продюсерлар Игорь Матвиенко, Максим Фадеев, Виктор Дробыш ва Константин Меладзега Уолтер Афанасьев қўшилади.
“Бош саҳна” лойиҳаси телевизион вокал конкурси The X Factor британ лойиҳасининг русча кўринишидир. Шоуда 16 ёшга етган бутун Россиядан келган вокалчилар қатнашиб, яккаҳон ва дуэт ҳолда ёки вокал-инструментал жамоа таркибида чиқишлари мумкин. Уларнинг энг яхшилари устозлар жамоаларига тушиб, улар томонидан чиқишларга тайёрланадилар.
“Бош саҳна” лойиҳаси биринчи мавсумининг ғолиби Константин Меладзенинг 24 ёшли шогирди Тошкентлик Сардор Милано бўлган эди. Соврин сифатида у Россия бўйлаб гастрол сафарини уюштириш мукофотини олди. Иккинчи мавсумда Сардор меҳмон сифатида қатнашади.
“Бош саҳна” лойиҳасининг иккинчи мавсуми премьераси “Россия” телеканали эфирида 13 сентябрда бўлиб ўтади.