Астана ва Тошкент биродар шаҳарларга айланиши мумкин

Дата: 15:58, 03-11-2016.

Тошкент. 3 ноябр. ЎзТАГ – Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ерик Утембаевнинг Тошкент ҳокими Раҳмонбек Усмонов билан музокараларида икки мамлакатлар пойтахтлари ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш масаласи диққат марказида бўлди, деб хабар беради Қозоқ телеграф агентлиги (КазТАГ) ҚР ТИВ асосланган ҳолда.

“Қозоқ томонининг Астана ва Тошкентни биродар шаҳарларга айлантириш бўйича таклифи мулоқотнинг асосий масаласи бўлди. Бу иш икки пойтахтларнинг иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий салоҳиятидан янада самаралироқ фойдаланиш учун зарур”, - дейилади пайшанба куни тарқатилган хабарда.

Томонлар учрашувда икки пойтахтлар ўртасида савдо-иқтисодий ва туристик соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласини ҳам кўриб чиқдилар.

“Қозоғистон ва Ўзбекистон мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланган ҳолда “ЭКСПО-2017” доирасида биргаликда турлар ташкил қилиш масаласини кўриб чиқишлари лозим. Астана орқали транзит сайёҳлигини ривожлантириш масаласи ҳам истиқболли лойиҳадир”, - дейилади хабарда.

 Томонлар ҳудудий ва тарихий яқинликдан келиб чиққан ҳолда ҳар тарафлама алоқаларни, жумладан, чегараолди савдоси ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг муҳимлигини таъкидлаб ўтдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: