Атамбоев октябрда Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирмоқда
Тошкент. 6 сентябр. ЎзТАГ – Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев октябрда Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ҚР президенти матбуот хизматига асосланган ҳолда.
“5 сентябрда Қирғизистон Республикаси президенти Алмазбек Атамбоев ва Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевлар ўзбек етакчисининг Қирғизистонга давлат ташрифи якунлари бўйича матбуот учун баёнот қилдилар”, - дейилади хабарда.
Алмазбек Атамбоев унинг октябр ойига мўлжалланаётган сафаригача бугун 5 сентябрда имзоланган келишувларни амалга ошириш зарурлигини қайд этди. “Чегараларимиз одамлар эркин ўта олиши учун максимал даражада очиқ бўлиши керак. Чегараларимиз келишмовчиликлар чегараси эмас, балки яхши қўшничилик, дўстлик дарвозалари бўлиши лозим”, - деди ҚР президенти.