"Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди

Дата: 14:41, 04-07-2019.

Тошкент. 4 июль. ЎзТАГ – 2 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан “Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда кўриб чиқилди ва қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Қонуннинг вазифаси янги жорий этилган давлат институтлари ва атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш тизимлари фаолияти учун ҳуқуқий асосларни яратиш, шунингдек, миллий қонунчиликка атом энергиясидан фойдаланишда хавфсизликни таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этишдан иборат", - дейилади "Ўзатом" агентлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборотдан фойдаланиш, атом энергиясидан фойдаланиш фаолиятини амалга оширишда ядро қуроллари ва бошқа ядровий портловчи қурилмалар ишлаб чиқаришни тақиқлаш устуворлиги назарда тутилган.

Қонун лойиҳасини тайёрлашда атом энергиясидан (АҚШ, Франция, Хитой, Япония, Россия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Канада, Украина, Буюк Британия, Швеция, Чехия, Белгия, Швейцария, Финляндия, Венгрия, Словакия, Аргентина, Бразилия) муваффақиятли фойдаланган хорижий мамлакатларнинг халқаро тажрибаси ўрганилгани, халқаро атом энергияси агентлиги (ХАГАТЕ) нинг Қонунчилик амалиёти ва тавсиялари қўлланилганлиги қайд этилди.

Аввалроқ, Ўзбекистон парламентининг қуйи палатасидаги 2019 йил 5 мартдаги муҳокамада биринчи ўқишда қабул қилинган тегишли қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Сурат манбаи: uzatom.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: