Августда АҚШ давлат котиби ва Марказий Осиёнинг беш давлати ТИВ раҳбарлари Вашингтонда учрашадилар
Тошкент. 29 июл. ЎзТАГ – 3 августда Вашингтонда АҚШ давлат котиби Жон Керри ва Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари иштирокида “С5+1” форматидаги иккинчи йиғилиш бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақда АҚШ давлат котибининг Марказий Осиё масалалари бўйича ўринбосари Дэниел Розенблюм ўзининг телефон пресс-брифинги доирасида журналистларга маълум қилди.
У “С5+1” форматидаги биринчи йиғилиш 2015 йилнинг ноябрида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтганлигини эслатди. Америкалик сиёсатчининг сўзларига кўра, унда формат доирасидаги уч асосий ҳамкорлик йўналиши белгиланган эди.
“Биринчи йўналиш – иқтисодиёт, яъни қандай қилиб Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодини бошқа минтақалар ва АҚШ иқтисодиёти билан боғлаш мумкин. Кейингиси – атроф муҳит ва унинг ўзгаришига қандай тайёрланиш зарур деган масала. Ва ниҳоят, ҳавфсизлик. Бунда гап терроризм билан қандай курашиш керак ва Афғонистондаги барқарорлик масалалари ҳақида кетади”, - деди Д.Розенблюм.
Кейин у Самарқанддаги учрашувдан кейин махсус ишчи гуруҳи томонидан мазкур йўналишлардаги лойиҳалар ишлаб чиқилганни ва улар Вашингтондаги учрашувда тақдим этилишини эслатди. Д.Розенблюмнинг сўзларига кўра, 5 лойиҳа вазирлар томонидан маъқулланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
Шунингдек, у беш вазир Вашингтонда бўлишидан фойдаланган ҳолда қатор тадбирлар режалаштирилганини айтиб ўтди. Булар орасида бизнес-учрашувлар, шунингдек, Марказий Осиё халқлари маданий меросининг тақдимотлари бор.