Августда Самарқандда XII “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали бўлиб ўтади

Дата: 17:31, 27-02-2019.

Тошкент. 27 феврал. ЎзТАГ – Августда Самарқандда XII “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини ўн иккинчи марта 2019 йилнинг 26-30 август кунлари ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин”, - дейилади давлат раҳбарининг “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини ўтказишга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида​”ги қарорида.

Ҳужжатга мувофиқ, фестиваль доирасида “Шарқ халқлари анъанавий мусиқа санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади.

Шунингдек, фестиваль нуфузини янада ошириш, дунё ҳамжамияти эътиборини Ўзбекистон мусиқа маданиятига жалб қилиш мақсадида фестиваль доирасида хорижлик мутахассислар иштирокида махсус давра суҳбати, тақдимот ва маҳорат дарсларини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали илк марта 1997 йилда мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов ташаббуси билан миллий мусиқа санъати анъаналарини сақлаш мақсадларида ўтказилган. Фестиваль ҳар икки йилда бир марта август охирида ўтказилади.

Сурат манбаи: protoday.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: