“Автотеххизмат” компаниясси 200% дивидендлар тўлайди
Тошкент. 12 апрель. ЎзТАГ – “Автотеххизмат” очиқ акционерлик жамиятининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси ўз акциялари бўйича 200% дивидендлар тўлайди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақидаги қарор жамият акционерлари умумий йиғилишида қабул қилинган. Жами дивидендлар тўлашга 1,32 млрд сўм ($582 минг) йўналтирилади. Дивидендлар тўланадиган оддий исми кўрсатилган акциялар сони 60 минг дона бўлиб, ҳар бирининг номинали 11 минг сўм. Ҳар бир акцияга 22 минг сўм даромад тўланади. Дивидендлар тўлаш 17 апрелда бошланади ва 2014 йилнинг 2 майигача давом этади.
“Ўзавтотеххизмат” ОАЖ – GM Uzbekistan ЁАЖ автомобилларига техник хизмат кўрсатиш ва унинг маҳсулотларини реализация қилиш бўйича энг кўп сонли станциялар тармоғидир. Корхонада 2,3 минг киши ишлайди. Жамият таркибида 26 техник хизмат кўрсатиш станцияси, 26 автосалон ва 36 автомагазин мавжуд.
2000-2013 йилларда компания томонидан автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича 101,7 млрд сўмдан ошиқ миқдорда хизматлар кўрсатилган. Фаолият бошидан бери “Ўзавтотеххизмат” тармоғи орқали Асакадаги заводида ишлаб чиқарилган 700 минг автомобиль сотилган.