Avtotest Report монополист сифатида тан олиниши мумкин

Дата: 16:54, 01-08-2019.

Тошкент. 1 август. ЎзТАГ – "Avtotest Report " МЧЖ ҳайдовчилик мактаби монополист сифатида тан олиниши мумкин, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Шу кунларда ижтимоий тармоқларда 1 августдан бошлаб юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган барча ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш мажбурияти кучга кириши ҳақида маълумот қизғин муҳокама қилинмоқда", - дейилади Ўзбекистон монополияга қарши қўмитаси (МҚҚ) матбуот хизмати хабарида.

Хусусан, хабарлар эътибори асосан икки ҳолатда: биринчидан, юридик шахларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган шахслар фақатгина "Avtotest Report" МЧЖда малакасини оширишдан норозилиги; иккинчидан, малака ошириш талабини барча юридик шахсларга нисбатан эмас, балки фақат юк ва йўловчи ташиш фаолиятини олиб борувчи юридик шахсларга татбиқ этиш лозимлиги илгари сурилаётганлиги кузатилмоқда.

Қайд этилганидек, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан тегишли лицензияга эга бўлган ҳар қандай юридик шахс ҳайдовчилар малакасини ошириш бўйича хизматлар кўрсатиши мумкин.

Бироқ бугунги кунда юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг малакасини ошириш бўйича хизматлар кўрсатиш учун лицензияга эга бўлган ягона ташкилот "Avtotest Report" МЧЖ ва унинг қуйи ташкилотлари ҳисобланади.

"Юқоридагиларга асосланиб, шунингдек, "Avtotest Report" МЧЖ автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг малакасини ошириш бўйича хизмат кўрсатиш бозорида бир йилдан ортиқ вақт мобайнида фаолият юритаётганлигини ҳисобга олган ҳолда, МҚҚ "Avtotest Report" МЧЖни монополист низомни эгаллаган корхоналар реестрига киритиш бўйича ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилмоқда", - дейилади хабарда.

Мазкур талаб юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига тўсқинлик қилаётган деган хулосага келган субъектлар мажбуриятни бекор қилиш бўйича қонун ҳужжатини қабул қилган органга ёки Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги МҚҚ маълум қилади.

 

Сурат манбаи: t.me/AntimonUz

Янгилик билан ўртоқлашиш: