Айбланувчи Жасурбек Ибрагимов иши бўйича сўнгги сўзида афсусдалигини билдирди
Тошкент. 30 октябр. ЎзТАГ – Айбланувчи Исломбек Тўлаганов Жасурбек Ибрагимов иши бўйича сўнгги сўзида қилган ишидан афсусдалигини билдирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) маҳаллий ОАВга асосланган ҳолда.
Газета.uz хабарига кўра, 27 октябрда Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида Боровский номида тиббиёт коллежининг марҳум талабаси Жасурбек Ибрагимов ўлими тўғрисидаги иш бўйича сўнгги мажлис бўлиб ўтди.
“Биринчи навбатда Жасурбек Ибрагимовнинг ота-онаси Нилуфар опа ва Муҳаммаджон ака, акалар, сингиллар, қариндошлардан минг бора кечирим сўрайман. Муштлашув фожеага олиб келиши мумкинлигини билмаган эдим. Агар билганимда уни касалхонага ўзим олиб борган бўлар эдим. Бўлиб ўтган воқеадан жудаям қаттиқ пушаймонман”, - деди Исломбек Тўлаганов ўзининг сўнгги сўзида.
“Агар Жасурбекка нисбатан қасдим бўлганида, мен унга ўқишнинг ичидаёқ қўл кўтарган бўлардим. Мен унга жавоб қайтарардим. Мени ота-онам ҳеч кимни ҳафа қилма, урушма, катталарга иззатда, кичкиналарга ҳурматда бўл, деб тарбия берган. Мен уларнинг маслаҳатларига қулоқ солганман. 3-май куни бўлиб ўтган воқеадан жудаям қаттиқ пушаймонман, афсусдаман. Бўлиб ўтган воқеадан кейин ўзимни ҳеч ҳам кечиролмайман. Ҳурматли раислик этувчи, ҳурматли халқ маслаҳатчилари. Иккинчи сонли касалхона врачлари тўғри ташхис қўйиб, сифатли тиббий ёрдам кўрсатганида, Жасурбек вафот этмаган бўларди. Жасурбек мард бола эди. У билан салом-алигимиз яхши эди. У ерда 2-сонли (касалхона) врачларининг ҳам айби жуда кўп. Мен экспертиза хулосаси билан яхши танишиб чиққанман. Ҳурматли раислик этувчи, халқ маслаҳатчилари! Менга жазо тайинлашда, Жасурбекка нисбатан қасдим бўлмаганини, фожиа бўлишини ўйламаганим, ёшимни, илгари судланмаганимни инобатга олиб, адолатли жазо тайинлашларингизга ишонаман", - деб ўз сўзига якун ясаган Исломбек Тўлаганов.
Суд ҳукми бугун 30 октябр куни эълон қилиниши кутилмоқда.