Ҳайдаров жаҳон чемпионатига борадиган ёшлар терма жамоаси аъзолари номларини маълум қилди

Дата: 15:53, 14-05-2015.

Тошкент. 14 май. ЎзТАГ – Тошкентда Ўзбекистон терма жамоалари Мураббийлар Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унинг доирасида ёшлар терма жамоаси бош тренери Равшан Ҳайдаров Янги Зеландиядаги жаҳон чемпионатига борадиган ёшлар терма жамоаси аъзолари номларини маълум қилди, деб хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўртоқлик ўйинлари бизнинг жамоамизга катта фойда берди. Улар асосий таркибни аниқлашда ҳал қилувчи роль ўйнади. Гарчанд терма жамоанинг асосии сифатида Жаҳон чемпионатига йўлланма олган жамоа таркиби олинган бўлса-да, биз йиғинларда янги футболчиларни, янги номзодларни ҳам кўздан кечирдик. 45 нафар футболчидан биз 26 футболчини танлаб олдик. Улардан 5 футболчи заҳира рўйхатига тушди, 21 нафари Жаҳон чемпионатига борадилар”, - деб таъкидлади Равшан Ҳайдаров.

Таркибнинг асоси икки пойтахт клуби “Бунёдкор” ва “Пахтакор” бўлди. Биринчи жамоадан 7 ўйинчи, иккинчисидан 9 ўйинчи таркибга кирди. Улар орасида таниқли Элдор Шомуродов ва Забиҳилло Ўринбоев кабилар бор.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси делегацияси Янги Зеландияга 20 май куни учиб кетади. 22 май куни жамоа Янги Зеландияга етиб боради ва 28 майгача Веллингтонда йиғин ўтказилади. 24 май куни Веллингтонда Панама билан ўртоқлик учрашуви ўтказилади. 28 май куни эса гуруҳ ўйинларига тайёргарлик кўриш учун жамоа Крайстчерч шаҳрига учиб кетади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: