Аёлларни рози қилиш – давлатимизнинг энг катта сиёсати – Мирзиеев
Тошкент. 13 июн. ЎзТАГ – Аёлларни рози қилиш – давлатимизнинг энг катта сиёсати, деди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Марғилон шаҳридаги “Наримтекс” масъулияти чекланган жамиятига ташрифи доирасида, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ерда ўзбек етакчиси ишлаб чиқариш жараёни билан танишиб, тикувчи аёллар билан мулоқотда бўлди.
“Хотин-қизларимизнинг ҳаётга муносиб бўлишида кийиниш маданиятининг ўрни катта. Либоси ўзига ёқса, ярашса, аёл кишининг кайфияти яхши бўлади. Бундай чиройли ва бежирим, миллий менталитетимизга мос кийимлар кийган хотин-қизларнинг дунёқараши ҳам кенг бўлади. Бу йўналишни ривожлантириш учун ҳамма шароитларни яратиб беришга тайёрмиз. Чунки аёлларни рози қилиш давлатимизнинг энг катта сиёсати”, - деб иқтибос келтиради Мирзиёевдан унинг матбуот хизмати.
2008 йилда ташкил этилган мазкур корхона аёллар кийим-кечакларини тикишга ихтисослашган. 2012-2015 йилларда Хитой билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш жараёни модернизация қилинган. Замонавий бичиш-тўқиш, безак бериш ҳамда тикув машиналари келтириб ўрнатилган.
“Бугунги кунда бу ерда кўйлак, костюм, камзул, пальто, куртка каби 20 турдан ортиқ маҳсулотнинг 1000 га яқин модели ишлаб чиқарилмоқда. Замонавий фасонларга монанд тайёрланган бу либослар юртимиз хотин-қизларига маъқул бўлмоқда”, - дейилади хабарда.
Бундан ташқари, ўтган йили корхонада $632 минглик маҳсулот экспорт қилинган. Жорий йилда ушбу кўрсаткични $801 мингга етказиш мўлжалланмоқда.
Германия технологияси асосида дастурлаштирилган декоратор ускунаси Президент эътиборини тортди. У кийимларнинг дизайни ва рангларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
“Хориждан технология олиб келишимиз мумкин. Лекин уни ишлатиш мутахассисга боғлиқ. Шуни яхши тушунингларки, кечаги билим билан бугунги ва эртанги замонни қуролмаймиз. Шунинг учун ҳамиша ўқиш, ўрганиш, дизайнер ва ишчиларнинг малакасини доимий ошириб бориш зарур”, - деди Мирзиёев.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига 12 июнда келган эди.
Сурат манбаи: https://ru.sputniknews-uz.com/economy/20180612/8497605/mirziyoev-kogda-naryad-k-licu-u-zhenshchiny-horoshee-nastroenie.html