Ҳайит бир-бирини қўллаб-қувватлаш масъулиятини ёдга солади – Трамп

Дата: 12:49, 14-06-2018.

Тошкент. 14 июн. ЎзТАГ – Ҳайит бир-бирини қўллаб-қувватлаш масъулиятини ёдга солади, деб ёзди АҚШ президенти Дональд Трамп Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига Рамазон Ҳайитининг байрам қилиниши муносабати билан ёзган қутловида, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари! Америка халқи номидан Мелания ва мен Сизга ва Ўзбекистон халқига Рамазон ҳайити муносабати билан самимий табрикларимизни йўллаймиз. Рамазон ойининг якунланишини нишонлар эканмиз, адолат ва раҳм-шафқатга асосланган Ислом динининг қўшниларга ёрдам бериш ва турли эътиқоддаги инсонлар билан ризқини баҳам кўришдек муқаддас анъанасини янада теран англаймиз. Ийд аль-Фитр бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва барчанинг ўз салоҳиятини тўлалигича юзага чиқариш имконини берадиган жамият барпо этиш масъулиятини ёдга солади”, - дейилади мактуб матнида. 

Америка Қўшма Штатлари кўплаб дин вакиллари, шу жумладан, мамлакатимизга муҳим ҳисса қўшган ва қуролли кучларимизда муносиб хизмат қилган америкалик мусулмонларнинг ҳам юртидир, деб таъкидланади шундан кейин. “Мен дунёдаги барча мусулмонларга ўзимнинг энг самимий табрикларимни йўллайман. Ушбу байрам кунларида ва келгуси йилда уларга сиҳат-саломатлик ва фаровонлик тилайман. Рамазон ҳайити муборак!”, - деб якунлайди қутловини Дональд Трамп.

Шунингдек, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Озарбайжон Республикаси Президенти  Илҳом Алиев, Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Саудия Арабистони Подшоҳлиги валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, мудофаа вазири Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла Иккинчи бин ал-Ҳусайн, Фаластин Давлати Президенти, Фаластин озодлик ташкилоти Ижроия қўмитаси раиси Маҳмуд Аббос, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Юсуф Ал-Усайминлар ҳам ўз табрикларини йўллаганлар.

Қутловлар келиши давом этмоқда.

Сурат манбаи: https://wicb.org/2017/11/donald-trump-one-year-later/

Янгилик билан ўртоқлашиш: