Бўлажак ўзбек дипломатлари Озарбайжонда таълим олишлари мумкин
Тошкент. 16 феврал. ЎзТАГ – Турли мамлактлар ёшлари, жумладан, ўзбекистонлик ёшлар Озарбайжон дипломатик академиясининг халқаро дастурида қатнашишлари мумкин. Бу ҳақида Тошкентдаги Озарбайжон Маданий маркази маълум қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Марказдан маълум қилишларича, 2016-2017 ўқув йили учун талабаларни қабул қилиш барча мамлакатлар фуқаролари учун очиқ.
“АДА” университети (Озарбайжон дипломатик академияси) халқаро муносабатлар ва бизнес мактаби бўлиб, шу соҳада юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадларида ташкил этилган.
Талабалар бу ерда бизнес юритиш, замонавий иқтисодиёт, тадбиркорлик ва етакчилик соҳаларида бошқарувга ўқитилади.
“АДА” факультетлари ўқитиш учун Озарбайжон ва бутун дунёдан энг яхши олим ва амалиётчиларни таклиф қиладилар. Талабалар жаҳон иқтисоди ва бизнес бўйича мунозараларда иштирок этадилар, бу эса уларнинг ақлий қобилиятларида ижобий акс этади.