Бўлажак ўзбек геодезиячиларига лазер сканерлаш тақдим қилинди

Дата: 00:11, 12-11-2015.

Тошкент. 11 ноябр. ЎзТАГ – Тошкентда бўлажак геодезия мутахассиларига 3D лазер сканерлаш имкониятлари маконда маълумот тўплашнинг замонавий услуби сифатида тақдим қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ташкилотчи “Smart Scanning Solutions” компаниясидан маълум қилишларича, тақдимот Ўзбекистон Миллий университетининг “Геодезия, картография ва кадастр” кафедрасида ўтказилган.

Талаба ва педагогларга лазер сканери ёрдамида 3D макон маълумотларини олиш технологияси, унинг анъанавий услублар олдидаги афзалликлари кўрсатилди.

Талабаларга Leica Scan Station C10 лазер сканерининг ишлаши намойиш қилинди. Икки нуқтадан 20 дақиқада семинар ўтаётган аудитория тўлиқ сканерланди. Сўнгра 2-3 дақиқада хонанинг 3D модели олинди.

Шунингдек, йиғилганларга белгиланган нуқталар бўйича турлича ўлчам маълумотлари олиш имкониятлари, моделлаш намуналари намойиш қилинди.

Уч ўлчамли лазер сканерлашга бағишланган тақдимотларни Ўзбекистоннинг қатор ОТМ ўтказиш режалаштирилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: