Баҳорда Тошкент ҳайвонот боғига кириш ҳақи 50% қимматлашади

Дата: 16:10, 03-02-2015.

Тошкент. 3 феврал. ЎзТАГ – Баҳорнинг биринчи кунидан бошлаб Тошкент ҳайвонот боғига кириш чипталари 50% қимматлашади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ҳайвонот боғи сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.

Ушбу қарор пойтахт Маданият ва спорт ишлари бош бошқармаси томонидан қабул қилинган.

Шундай қилиб, 2015 йилнинг 1 мартидан бошлаб 7 ёшдан 16 ёшгача болалар чипталари 3 минг сўм (ҳозир 2 минг сўм), ҳарбий хизматдаги солдатлар учун 3 минг сўм (ҳозир 2 минг сўм), 16 ёшдан катта шахслар учун 6 минг сўм (ҳозир 4 минг сўм), ногиронлар, 7 ёшгача болалар ва ёш бўйича пенсионерлар учун (2015 йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши муносабати билан) бепул бўлади.

Маълумот ўрнида, Тошкент ҳайвонот боғи 1924 йилда Туркистон генерал-губернаторининг собиқ дала ҳовлиси ҳудудининг бир қисмида ташкил этилган.

Янги Тошкент ҳайвонот боғи 22,7 га майдонни эгаллаган. Ҳозирда бу ерда 3 мингдан ошиқ ҳайвонлар ва 415 турдаги қуш сақланмоқда.

1998 йилдан бери Тошкент ҳайвонот боғи “Ҳайвонот боғлари ва аквариумлар Евро-Осиё ҳудудий ассоциацияси” халқаро ташкилоти аъзосидир.

$1 = 2442,13 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: