БААнинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди
Тошкент. 8 октябрь. ЎзТАГ – Бирлашган Араб Амирликларининг (БАА) Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"8 октябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов янги тайинланган БАА фавқулодда ва мухтор элчиси Саид Матар Султон ас-Сири ал-Камзини қабул қилди", - дейилади Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Вазир ишонч ёрлиқларининг нусхаларини қабул қилди ва муваффақиятли ишлашни тилади.
Томонлар президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил март ойида БААга расмий ташрифи ва ўзбек-амирлик музокаралари чоғида эришилган келишувлар доирасида икки томонлама алоқаларнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқдилар.
Шунингдек, ҳамкорликнинг бошқа масалалари ҳам муҳокама қилинди. Долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Сурат манбаи: mfa.uz


