“Baker & McKenzie” америка фирмаси Ўзбекистонда ўз идорасини очишни режалаштирмоқда
Тошкент. 5 апрел. ЎзТАГ – Тошкентда “Baker & McKenzie” юридик фирмасининг идораси очилиши режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу режалар Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг “Baker & McKenzie” (АҚШ) юридик фирмасининг катта партнери Томас Файерстон билан учрашувда муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистоннинг Бутунжаҳон савдо ташкилотига (БСТ) қўшилиши борасида ўзаро хамкорликни амалга оширишга келишиб олдилар.
Адлия вазирлиги маълумотига кўра, улар орасида биргаликда хуқуқшунослар, аудиторлар, давлат органлари ва хусусий секторнинг турли соҳаларидаги вакиллари иштирокида “комплаенс” (инг. сompliance) масалалари бўйича тренинг ўтказиш масаласи ҳам бўлди.
Қўшимча қиламизки, “комплаенс” ташкилотда мавжуд назорат тизимининг бир қисми бўлиб, қонун ҳужжатлари, назорат органлари, саноат бирлашмалари талаблари, ахлоқ кодекслари ва бошқа шунга ўхшаш қоидаларни бажармаслик хавф-хатарлари билан боғлиқдир. “Комплаенс” соҳасидаги қонунлар, талаблар ва стандартлар одатда бозор муносабатларининг тегишли стандартларига риоя қилиш, манфаатлар тўқнашувини олдини олиш, мижозларга адолатли муносабатда бўлиш ва мижозларга маслаҳат беришда виждонли ёндашувни таъминлаш каби масалаларга тааллуқлидир.
Шунингдек, ҳамкорлик йўналишлари орасида “Baker & McKenzie” билан ҳамкорликда юридик кадрлар учун халқаро арбитраж масалалари бўйича курслар ва амалиёт ўташни ташкил этиш, Ўзбекистонда тижорат ва инвестиция низоларини ҳал этиш бўйича халқаро арбитраж институтининг очилиши салоҳиятини ўрганиш ҳамда арбитраж қоидаларини ишлаб чиқиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Сурат манбаи: https://www.thetimes.co.uk/article/law-firm-baker-mckenzie-gagged-assault-victim-gtf9tgb8q