Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Қозоғистон элчиси билан бандликни таъминлаш ва меҳнат бозорини бошқариш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент. 22 июн. ЎзТАГ – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Актам Ҳаитов Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ерик Утембаев билан бандликни таъминлаш ва меҳнат бозорини бошқариш масалаларини муҳокама қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Вазирликда бўлиб ўтган учрашув давомида томонлар бандликни таъминлаш ва меҳнат бозорини тартибга солиш соҳасидаги икки давлат ҳамкорлигининг муҳим ва устувор йўналишлари, тартибланган ва хавфсиз меҳнат миграцияси, шунингдек, иқтисодиёт цифровизацияси истиқболлари ва илғор ахборот технологиялари жорий этилишини муҳокама қилишди”, - дейилади муассаса матбуот хизматининг хабарида.
Қозоғистон элчиси томонидан 2018 йил 3-4 июль кунлари Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган “Глобал Буюк Ипак йўли” форумига ташриф буюриш учун таклиф билдирилди.
“Шу билан бирга, Қозоғистон делегациясининг 2018 йил 26 июнь Тошкентда бўлиб ўтадиган “Давлат хизматининг қонунчилик асосларини такомиллаштириш: Ўзбекистон тажрибаси ва хорижий амалиёт” халқаро конферецияда кутилаётган иштироки тафсилотлари муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.
Ҳар икки томон ҳам 2018 йил март ойида Остонада бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия доирасида эришилган қарорларни амалга оширишнинг аҳамиятини таъкидлашди. Учрашув якуни бўйича томонлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш мақсадида қўшма ҳужжат тайёрлаш қарори қабул қилинди.
Сурат манбаи: https://nuz.uz/politika/18539-erik-utembaev-ob-uzbekistane-i-kazaxstane.html