Барно Исматуллаева Тошкентдаги итальян операси конкурси ғолибаси бўлди

Дата: 13:01, 28-11-2014.

Тошкент. 28 ноябр. ЎзТАГ – Тошкентда илк маротаба ўтказилган “Competizione dell’opera” итальян операси ижрочилари Халқаро конкурсида Ўзбекистон вакиласи Барно Исматуллаева ғолиб чиқди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Куни кеча финал босқичи якунлари бўйича “Competizione dell’opera”нинг ғолиблари рўйхати эълон қилинди. «Competizione dell'Opera» танлови якунларига кўра, иккинчи ўринга Беларусиялик опера ижрочиси Павел Петров сазовор бўлди. Учинчи ўринга россиялик Мария Баянкина ва Ўзбекистоннинг яна бир вакили Жаброил Идрисов муносиб кўрилди.

Конкурсда Европа, Россия, Жанубий Америка, Австралия ва Осиёлик бошланғич танловдан ўтган ёш опера санъати ижрочилари қатнашдилар. Нуфузли халқаро ҳайъат таркибига Германия, Австрия, Озарбайжан, Буюк Британия, Италия, Россия, Ўзбекистон, Хитойлик таниқли маданият арбоблари кирдилар.

Конкурс «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида 29 ноябр куни танлов ғолиблари иштирокидаги гала-концерт билан якунланади.

Эслатиб ўтамизки, “Competizione dell’opera” опера конкурси тарихи 14 йилга боради ва ўтган вақт давомида у дунёдаги энг йирик вокал танловлардан бирига айланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: