ББ Ўзбекистонга банк секторини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишга ёрдам беради

Дата: 11:58, 28-10-2019.

Тошкент. 28 октябрь. ЎзТАГ – Бутунжаҳон банки (ББ) Ўзбекистонга банк секторини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишга ёрдам беради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 октябрь куни банк тизимини ислоҳ қилиш ва банкларнинг инвестициявий фаоллигини оширишнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. (...) Молия вазирлиги ва Марказий банк (МБ) билан биргаликда банк секторини узоқ муддатли ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишни якунлаш вазифаси юклатилган", - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, банкларнинг мижозларга йўналтирилганлигини кучайтириш, фуқароларнинг турли тоифалари учун хизматларни кенгайтириш, кредитлаш тартибини соддалаштириш бўйича топшириқлар берилди. Интернет ва мобил иловалар орқали хизматларни такомиллаштириш, чет элда кенг тарқалган скоринг моделини қўллаш ва кредитларни автоматлаштирилган тарзда ажратиш зарурлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, банкларнинг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш, корпоратив бошқарувни фаоллаштириш ва кузатув кенгашлари фаолиятини такомиллаштириш муҳимлиги қайд этилди. Инвестиция жозибадорлигини ошириш орқали хусусий секторнинг банк соҳасидаги иштирокини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

"Бундан буён ресурсларни жалб қилиш масаласида банклар "ўз араваларини ўзлари тортишлари керак". Фақат шу тарзда улар бозор шароитларига мос келадиган замонавий бошқарув тизими билан молиявий институтга айланиши мумкин", – дея қайд этди президент.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: