Beeline хизматлари сифатини абонентларнинг ўзлари назорат қиладилар

Дата: 19:44, 08-09-2015.

Тошкент. 8 сентябр. ЎзТАГ – Beeline алоқа оператори Ўзбекистонда Beeline Mobile Quality Analyzer (MQA) инновацион мобил иловасини ишга туширди ва унга илк фойдаланувчиларни улади. Эндиликда абонентларнинг ўзлари оператор хизматлари сифатини назорат қилишлари мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Компаниядан хабар қилишларича, бу ҳақида Тошкентда ўз смартфонларига мобил иловани юклаб олиш истагидаги абонентлар иштирокида ўтказилган тадбирда маълум қилинди. Бугунги кунда юзлаб абонентлар алоқа сифатини яхшилашда кўмак берувчи кўнгиллилар сафига қўшилдилар.
“Иловани юклаб олган фойдаланувчилар тадбирнинг ўзида унинг имкониятларини ўрганиб чиқдилар, ва компаниянинг техник бўлими ходимларидан ўз саволларига жавобларни олдилар. Биз MQA дастурининг ривожланиши устида иш олиб боришни давом этмоқдамиз, ва яқин вақт ичида бутун республика бўйлаб яна минглаб абонентларни унга жалб этишни режалаштирмоқдамиз”, - деди мижозлар тажрибасини ривожлантириш бўйича лойиҳа раҳбари Ораз Абдуразаков.
Қўшимча қиламизки, Mobile Quality Analyzer дастури тақдим этилаётган хизматларнинг сифатини тармоқда мониторинг қилишга ихтисослашган бўлиб, у июл бошидан бошлаб ишга туширилди.
MQA ўлчов натижалари келгуси ишлаш, ҳисоботлар, графиклар ва бошқа аналитик маълумотлар яратиш учун маълумотлар базасида сақланиб қолади. Тармоқ ҳолати ва драйв-тестлар натижаларининг ички мониторинг жараёни ушбу маълумотлар билан тўлдирилади, бунинг натижасида тармоқни кенгайтириш ва самарали режалаштириш учун тўлиқ таҳлил яратиб берилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: