Beeline Make Your Mark глобал ташаббусини Ўзбекистонга олиб кирди

Дата: 12:29, 27-03-2015.

Тошкент. 27 март. ЎзТАГ - Unitel МЧЖ (Ўзбекистонда Beelinе бренди остида мобиль алоқа хизатлари кўрсатади) Make Your Mark (“Ўз изингни қолдир”) глобал ижтимоий ташаббусини бошламоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Unitel‘нинг жамоа билан ишлаш ва ташкилий ривожлантириш бўйича директори Екатерина Аганджанованинг сўзларига кўра, республика ҳудудида Make Your Markнинг илк лойиҳаси сифатида ўтган ҳафта VII мавсуми эълон қилинган "Учинчи авлод" ташқи таълим дастури танланди. 2015 йилда лойиҳа доирасида Beeline‘нинг тижорат дирекцияси, техник дирекцияси, ахборот технологиялари дирекцияси, жамоа билан ишлаш ва ташкилий ривожлантириш дирекцияси, шунингдек юридик хизмат бўлимида амалиёт ўташ очилган.

Яқин кунлар ичида компания мутахассислари бир неча университетларда қатор тақдимотлар ўтказиши режалаштирилмоқда, лекин дастурда Ўзбекистоннинг исталган олий ўқув юртида тегишли мутахассислик бўйича таълим олаётган талабалар иштирок этишлари мумкин. Амалиёт натижалари бўйича энг муваффақиятли талабаларга олийгоҳдаги ўқиш билан келиштирилган ҳолда индивидуал иш тартиби, келажакда эса – Beeline‘да доимий иш ўрни таклиф қилинади. "Учинчи авлод" доирасида амалиёт ўташ 2015 йилнинг июнь-август ойларига режалаштирилган.

Эслатиб ўтамизки, Make Your Mark ташаббусига 2014 йил декабрда асос солинган бўлиб, VimpelCom‘нинг корпоратив ижтимоий мажбуриятлари стратегиясининг асосий элементи ҳисобланади. Унинг мақсади - ёшларга келажакларини барпо этишда ёрдам бериш, уларга технологик асбоб-ускуналар, тажриба ва билим, таълимни кенгайтириш, порлоқ келажаклари йўлидаги тўсиқларни ўтишда ёрдам бериш кабилардан иборат. Таълим соҳасидан ташқари Make Your Mark ёш тадбиркорларга мобил технологиялар ёрдамида ўз ғояларини амалга оширишда, янги рақамли бизнесни барпо этишда, шунингдек ёшларнинг ўз куч-ғайратлари, ижодий ва бизнес-имкониятларидан жамият учун фойда келтириш йўлида фойдаланишда кўмак беради.

VimpelCom Ltd. холдинг компанияси бўлиб, МДҲ, Италия, Осиё ва Африканинг қатор мамлакатларида телекоммуникация ширкатларини назорат қилади. Хусусан, унга Beelinе савдо белгиси остида хизмат кўрсатувчи “Вымпел-Коммуникации”компанияси (Россия) ва МДҲдаги бошқа қатор компаниялар тегишли.

Янгилик билан ўртоқлашиш: