Beeline ва Click Ўзбекистонда янги хизматни ишга туширди
Тошкент. 7 апрел. ЎзТАГ – Beeline алоқа оператори Click тизими билан биргаликда “Билайн автотўлови” номли янги инновацион хизматни ишга туширди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Компаниядан хабар қилишларича, хизмат мижознинг мобиль ҳисоб рақамини сўмли пластик карточкадаги маблағлар билан автоматик равишда тўлдиришга имкон беради. Мобил рақам баланси $1дан камайган ҳолда пластик картадан маълум миқдорда пул ечиб олиниб, ҳисоб рақамига ўтказилади. Унинг миқдорини “Билайн автотўлови” созламаларида белгилаш мумкин.
Эслатиб ўтамизки, “Beeline” бренди Unitel МЧЖга тегишли бўлиб, компания шу ном остида Ўзбекистонда мобил алоқа хизматлари кўрсатади. Unitel ширкати 1996 йилда ташкил этилган ва 2006 йилнинг сентябридан бошлаб Beeline бренд остида хизмат кўрсатиб келади.
2014 йил якунлари бўйича компания абонентлари сони 10,593 млн. кишига тенг.
Click тизими - мобиль банкинг тизими бўлиб, у жисмоний шахсларга ўз банк ҳисобидан мобиль телефон ёки (USSD\SMS-портал орқали) ёки интернет (Web\Web-mobile орқали) орқали уяли алоқа операторлари, интернет-провайдерлар хизматларига ҳақ тўлаш, башқа жисмоний шахслар, савдо-сервис корхоналарига пул ўтказиш (супермаркетларда харидлар, ресторан ва кинотеатрларда тўловлар), интернет-дўконларда харидларни амалга ошириш кабиларга имкон беради.