Beeline Ўзбекистон ветеранлари учун “Ғалаба!” тарифини жорий қилди
Тошкент. 17 апрел. ЎзТАГ – Unitel МЧЖ (Ўзбекистонда Beeline савдо белгиси) ўзбек ветеранлари учун янги “Ғалаба!” тарифини жорий қилди. У республиканинг тўрт асосий байрамларида бепул қўнғироқ қилишга имкон беради, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Компания вакилларининг куни-кеча бўлиб ўтган матбуот анжуманида хабар қилишларича, тарифда бошланғич баланс 3$ бўлиб, қўшимча Ўзбекистон бўйича 300 SMS ва дақиқалар ҳам таклиф этилади. Бундан ташқари, “Ғалаба!” тариф режаси ҳеч қандай абонент тўловига ҳам эга эмас.
Тариф фойдаланувчиларига ҳар йили 21 март, 9 май, 1 сентябр ва 31 декабр кунлари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонга 7 кун мобайнига бепул 30 дақиқа тақдим этилиши ҳам қайд этилди.
“Бунинг учун улар ҳеч қаерга боришлари зарур эмас, бепул дақиқалар автоматик тарзда қўшилади”, - деди компания вакили О.Абдуразаков.
Янги “Ғалаба!” тарифига уланиш учун компания офисларида тегишли хужжатлар тақдим этиш зарур. Айни пайтда “Нуроний” жамғармаси билан бирга фахрийларнинг уйларига бориб улаш учун рўйхатлар тузилмоқда.