Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистоннинг биринчи президенти хотирасига ҳурмат бажо келтирди

Дата: 13:01, 07-10-2016.

Тошкент. 7 октябр. ЎзТАГ – Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистоннинг биринчи президенти хотирасига ҳурмат бажо келтирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида 6 октябр куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди. Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев кутиб олди”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлари вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Хабарда таъкидланишича, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Ислом Каримов қабрини зиёрат қилдилар ва унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

“Олий мартабали меҳмон Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасига ташриф буюриб, Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримовага чуқур ҳамдардлик изҳор этди”, - деб қайд этилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: