Беларусда Лукашенконинг Ўзбекистонга ташрифига тайёргарлик кўрилмоқда
Тошкент. 3 ноябр. ЎзТАГ – Беларусда Лукашенконинг Ўзбекистонга ташрифига тайёргарлик кўрилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) БелТАга асосланган ҳолда.
Бу ҳақида Беларусь бош вазири Андрей Кобяков ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевларнинг Тошкентдаги учрашувида сўз кетди.
“Шунингдек, икки томонлама ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлисини ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Унга Беларусь томонидан бош вазир ўринбосари Михаил Русий бошчилик қилмоқда. Учрашув Минскда бўлиб ўтиши режалаштирилган, унинг ўтказилиш санаси кейинчалик келишилади. Унда 2016 йилда Беларусь президентининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари белгилаган масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилмоқда. Ҳукуматлараро комиссия томонидан савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси” тасдиқланади. Шунингдек, Беларусь Ўзбекистонга савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича янги битимни имзолашни таклиф қилди”, - дейилади БелТА хабарида.
Андрей Кобяков ва Шавкат Мирзиеев саноат кооперациясида аниқ лойиҳаларни, инвестицияларни жалб қилиш масалаларини муҳокама қилдилар. Ўзбекистонда “Амкодор”нинг ваколатхонаси очилди. Тракторлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, бу йил Беларусь бутловчи қисмларидан 150 дона машина йиғилди ва Беларусь бу ҳамкорликни кенгайтиришга умид қилмоқда. Шундай қилиб, томонлар оддий савдода четланган ҳолда саноат ҳамкорлигини ривожлантирмоқдалар. Ўзбекистонда 23 Беларусь ташкилотлари ва иккита товар тарқатиш тармоғи субъектлари рўйхатга олинган.
Бундан ташқари, дори воситалари ишлаб чиқариш соҳасида, юқори технологиялар соҳасида ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистоннинг уй-жой комплекси учун лифтлар, йўл-қурилиш техникаси ва қурилиш материалларини етказиб бериш тўғрисида сўз борди.
Ўзбекистон Минскда мамлакат элчихонасини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилди ва яқин орада элчининг тайинланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамизки, 2017 йилда Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмаси тиклана бошлади. Январ-август ойларида у 2016 йилга нисбатан деярли икки баробарга ошган. Айни пайтда Беларусь Ўзбекистонга экспортни 2,6 баробарга – $52 млнгача оширган. Мамлакатлар ўртасида максимал савдо ҳажми 2012-2013 йилларда қайд этилган бўлиб, ўшанда беларусиядан экспорт $95 млнга етган.