Бельгия компанияси Тошкентда 23 пиёдалар кўприкларини қуриш лойиҳасини тақдим этди

Дата: 10:29, 11-05-2018.

Тошкент. 11 май. ЎзТАГ – Бельгиянинг Victor Buyck Steel Constructions компанияси Тошкентда 23 пиёдалар кўприкларини қуриш лойиҳасини тақдим этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тақдимот 8 май куни Ўзбекистон ва Бельгия ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг олтинчи раунди доирасида бўлиб ўтди.

“Делегацияларга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Абдужаббор Абдувоҳидов ва Бельгия Қироллиги Ташқи ишлар вазирлигининг икки томонлама масалалар бўйича директори Аник Ван Калстер бошчилик қилдилар”, - дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, икки томонлама муносабатларнинг кун тартиби, шу билан бирга, халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Томонлар парламентлараро алоқаларни, давлат ва нодавлат ташкилотлари, икки мамлакатнинг иқтисодий, бизнес тузилмалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишга кўмаклашишни ёқлаб гапидилар.

Сиёсий соҳада муносабатларни мустаҳкамлаш истиқболларини кўриб чиқиш чоғида олий ва юқори даражадаги алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди.

“Бельгия тарафи Ўзбекистонда бўлиб ўтган йирик халқаро конференция – “Марказий Осиё: ягона ўтмиш ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва минтақавий фаровонлик йўлида ҳамкорлик” (Самарқанд, 2017 йил 10-11 ноябр) ва Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ва минтақавий алоқалар”(Тошкент, 2018 йил 26-27 март) тадбирлари ҳақида маълумотлантирилди”, - дейилади хабарда.

Ўзбек делегацияси Бельгиянинг 2019-2020 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси сифатида номзодини қўллаб-қувватлаши ҳақида маълум қилди. Томонлар, шунингдек, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш ва илмий-таълим муассасалари ўртасида алоқаларни кучайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

“Шу куни делегация Эгмонт Қироллик Халқаро алоқалар институтида “Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуслари призмасида” мавзуидаги семинарда иштирок этди”, - деб қайд этилади хабарда.

8 май куни делегация Белгия Сенати Трансчегаравий ҳамкорлик бўйича қўмитаси раиси П. Ван Ден Дрише билан музокаралар ўтказди. Бундан ташқари, делегация Victor Buyck Steel Constructions компаниясига ташриф буюриб, бу ерда ширкатнинг Тошкент шаҳрида 23 пиёдалар кўприклари қуриш лойиҳаси тақдимотида бўлдилар.

“Ўзбекистон Республикасининг Бельгиядаги элчихонасида ўтказилган махсус тадбирда Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий, сармоявий ва сайёҳлик салоҳиятининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бир қатор туристик фирмалар иштирокида Брюсселдаги пресс-клубда туризм бўйича форум ташкил этилди. Маҳаллий ва ўзбек сайёҳлик компаниялари, ОАВ ва Брюссель ишбилармон доиралари ўртасида бўлиб ўтган тақдимотлар ва фикр алмашинуви доирасида иштирокчилар Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш юзасидан фикр алмашдилар” – деб таъкидланади хабарда.

Бундан ташқари, Валон экспорт ва инвестициялар агентлиги (АWEХ) директори Шантал Де Блю, Бельгиянинг CREDENDO экспорт кредит агентлиги директори Дирк Терведув, Бизнес ва инвестиция бўйича Европа-Ўзбекистон кенгаши раҳбарияти билан учрашувлар ва музокаралар бўлиб ўтди.


Сурат манбаи: http://usiter.com/post.php?mir=75671

Янгилик билан ўртоқлашиш: