Бернда ўзбек-швейцар ҳукуматлараро комиссияси мажлиси ва бизнес-форум бўлиб ўтади
Тошкент. 29 июня. ЎзТАГ – Сешанба, 30 июн куни Бернда ўзбек-швейцар ҳукуматлараро комиссияси мажлиси, 1 июлда эса Цюрихда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида бизнес-форум бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Юқоридаги икки тадбирдан кўзланган асосий мақсад – ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва яқин истиқболдаги вазифаларни аниқлаштириб олиш, шунингдек, тадбиркорлар ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда ўзбек ва швейцар компанияларининг имкониятларини тақдим этишдан иборат”, – деб таъкидланади Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги хабарида.
Эслатиб ўтамизки, 2014 йил якунлари бўйича Ўзбекистон ва Швейцария ўртасидаги ўзаро товар айланмаси $150,2 млнга етди. Бу ўтган 2013 йилдагига қараганда $86,3 млн кўпдир. Республикада швейцариялик инвесторлар иштирокидаги 77 компания фаолият юритмоқда. Улардан 55таси қўшма корхоналар ва 22таси 100% хориж капиталига очилган ширкатлардир.