Бир ҳафтада “Тошкент” биржасида деярли 7 млрд сўмлик акциялар сотилди

Дата: 21:29, 02-12-2015.

Тошкент. 2 декабр. ЎзТАГ – 2015 йилнинг 23-27 ноябрида “Тошкент” Республика фонд биржасида (РФБ) 11 акционерлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 136 битим тузилди. Натижада 6,9 млрд сўмлик 5,5 млн дона акция сотилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Биржадан хабар қилишларича, биржа айланмасида бирламчи бозордаги қимматли қоғозлари билан савдо етакчилик қилмоқда. Уларнинг улуши савдолар айланмасининг 95,55%, иккиламчи бозор улуши 4,45% ташкил қилди. Банкларнинг қимматли қоғозлари билан савдолар айниқса қизғин бўлди ва улар улуши 99,2% ташкил қилди.

Ҳажм жиҳатидан энг йирик битим 27 ноябрда “Trastbank” АТБ акциялари билан ўтказилиб, қиймати 1,9 млрд сўмни ташкил этди.

Йил бошидан бери “Тошкент” РФБ 2331 битим тузилиб, 125,7 млрд сўмлик савдо қилинди, бу эса ўтган йилдаги муқобил кўрсаткичдан 1,5 марта кўпдир. Савдоларда 74 эмитентнинг 336,5 млн дона қимматли қоғозлари иширок этди.

Умумий биржа айланмаси таркибида иккиламчи бозор қимматли қоғозлари кўпчиликни ташкил қилиб, биржа айланмасининг 71,2% ёки 89,4 млрд сўмини ташкил қилади. Бундан 4,5 млрд сўми корпоратив облигациялар билан савдолардир. Бирламчи қимматли қоғозлар жойлашувининг ялпи улуши 28,8% тенг бўлди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: