Бир ҳафтада “Тошкент” РФБ айланмаси 7,1 млрд сўмни ташкил қилди
Тошкент. 6 март. ЎзТАГ – Бир ҳафтада (26 феврал - 2 март) “Тошкент” Республика фонд биржаси савдоларида 36,9 млн. дона акция сотилди, биржанинг умумий айланмаси 7,1 млрд. сўмни ташкил этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Биржа маълумотларига кўра, жами 16 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 152 та битим қайд қилинган.
Асосан банкларнинг (98,5%) қимматли қоғозларига талаб кучли бўлган.
Энг йирик битим 28 феврал санасида асосий секцияда “Asia Alliance Bank” АТБнинг 5,6 млн. дона акцияси билан 1,47 млрд. сўм миқдорида тузилди. Бир дона акциянинг сотув нархи 260 сўмни ташкил қилди.
Битимлар сони бўйича етакчиликни ўтган ҳафтада “Hamkorbank” АТБ эгаллаган ҳолда, унинг 4,6 млн. дона акцияси билан 718,8 млн. сўмлик 107 та битим амалга оширилди.
Қимматли қоғозлар билан ўртача кунлик савдо айланмаси ҳисобот даврида 1,4 млрд. сўмни, ўртача битим қиймати эса 47,0 млн. сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, ушбу даврда сотилган бир дона акциянинг ўртача нарх кўрсаткичи 193,6 сўмдан иборат бўлди.
“Тошкент” РФБда йил бошидан буён 21,6 млрд. сўмлик 380 та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 41 та акциядорлик жамиятининг 142,7 млн. дона қимматли қоғозлари сотилган.
Сурат манбаи: https://www.uzse.uz/boards/public_opinion/list?locale=ru